
2022 йилда илғор хорижий тажриба асосида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқача тарзда кўмаклашган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш механизми жорий этилди. Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.
“Коррупциядан ҳоли қонунчилик” тамойили асосида қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилиб, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босқичма-босқич коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиши белгиланди. Коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ва тармоқларда “Коррупциясиз соҳа” ва “Коррупциясиз ҳудуд” каби лойиҳалар давлат харидлари тизимларида амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, 2022 йилнинг 1 январдан бошлаб, барча давлат харидларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказилиши белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармони билан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик 33 турдаги маълумотларнинг рўйхати тасдиқланди.
Йиғилишда шу каби тизимли ислоҳотларга қарамай, коррупция муаммоси мамлакатимизда ҳамон долзарблигича қолаётганига алоҳида урғу берилди. Статистик ҳисоботларга кўра, 2020 йилда Республика бўйича 1 148 та коррупцияга оид жиноят ишлари судга юборилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 3 769 тани ташкил этган. Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2021 йилда 1 трлн 282 млрд сўмлик моддий зарар етказилган. Қайд этилдики, бу каби салбий ҳолатлар коррупцияга қарши курашиш йўналишида ҳал этилиши лозим бўлган муҳим вазифалар ҳали кўп эканлигидан далолат беради.
Шу нуқтаи назардан маърузада коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш чора тадбирларининг аҳамияти ва истиқболдаги самараси атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳуқуқий маданият – бу ҳуқуқий саводхонликдир. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси ҳисобланади. Бошқача айтганда, ҳуқуқий маданиятсиз ҳуқуқий давлат бўлмайди. Биринчи Президентимиз айтганларидек, “Ҳуқуқий маданиятнинг юқори даражада бўлиши ҳуқуқий давлатнинг ўзига хос хусусиятидир. Бозор иқтисодиётини шакллантириш шароитида ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим иш ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг барча даражаларда ижро этилиши билан белгиланади. Ушбу муҳим ишда одамларда қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади”. Тадбир сўнгида ходимлар бугунги кунда қабул қилинаётган янги қонунларнинг асосий мақсади, мазмун-моҳияти, унинг негизи ҳисобланмиш Конституцияга қанчалик мос ва ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ўсишига нечоғлик боғлиқ эканлиги шунингдек Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонуни юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.