МУНОСАБАТ

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Қашқадарёдаги «Қарши-Шахрисабз» автомобил йўли. Каръердан чиқаётган оғир юк машиналари автомобил йўлини яроқсиз ҳолга келтирмоқда” сарлавҳаси остида тарқалган видео мурожаат юзасидан Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади:
4Р79 “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” автомобиль йўли вилоятнинг муҳим йўлларидан бири ҳисобланади. Мазкур йўлда айрим транспортлар учун ҳаракатни чекловчи меъёрлар, қарорлар аллақачонлар қабул қилинган. Аммо ижрода бу амалга ошмаяпти. Келинг, маълумотларга назар ташлаймиз. Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2017 йил 18 августдаги Х-667/08-сонли қарорига асосан 4Р79 “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” автомобиль йўлида 2017 йил 1 сентябрдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъий назар ҳар бир ўққа тушадиган вазни 11,5 тоннадан юқори бўлган автомобиллар ҳаракати таъқиқланган.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яъни 2017 йил 23 ноябрда вилоят ҳокимининг яна бир қарори – Х-936/11-сонли “Вилоят ҳокимининг 2017 йил 18 августдаги “4Р79 “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” автомобиль йўлидан келажакда мақсадли фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Х-667/08-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра қарорга “1, 3 ва 5-бандларидаги “ҳар бир ўққа тушадиган вазни 11,5 тоннадан юқори бўлган” сўзлари “тўла вазни 9,0 тоннадан ортиқ бўлган” сўзларига;
2-бандидаги “ҳар бир ўққа тушадиган вазни 11,5 тоннадан юқори бўлган автомобиллар ҳаракатини таъқиқлайдиган” сўзлари “Амалдаги йўл ҳаракат қоида”ларининг 3.4 “Юк автомобилларининг ҳаракатланиши таъқиқланган” сўзларига алмаштирилсин” деган қўшимчалар киритилди.
Мазкур қарор билан эндиликда ушбу йўлда ҳар бир ўққа тушадиган вазни 11,5 тоннадан юқори бўлган автомобиллар эмас, балки тўла вазни 9 тоннадан ортиқ бўлган автомобиллар ҳаракати тақиқланди.
Бу қарорнинг чиққанига салкам 4 йил бўлди. Аммо унинг ижросичи? Минг афсуслар билан айтиш керакки, шу кунларда, шу соатларда ҳам 4Р79 “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” автомобиль йўлида оғир техникаларни учратиш мумкин. Демак, қарор ижроси таъминланмаяпти.
Айнан ушбу йўлнинг 11,12,18-20 километрларида Қашқадарё дарёсидан қум юклаб чиқилиши натижасида қатнов қисми ифлосланмоқда, йўл ёқасига лой ва қум тўпланишига сабаб бўлмоқда. Бу эса автомобиль йўлидан фойдаланувчи ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсиз ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу оғир автомобилларнинг юки билан йўлга қанчалик зарар етказаётганини айтмаса ҳам бўлади.
Шунга қарамасдан Қашқадарё йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси томонидан доимий равишда йўлга тўкилиб қолган қум ва тупроқларни тозалаш ишлари олиб борилади.
Сўнгги йилларда сўз эркинлиги, фуқаролик позициясининг ортиши туфайли ҳеч бир ноқонуний ҳаракат жамоатчилик эътиборидан четда қолмаяпти. Фаол фуқаролар, ҳайдовчилар, автоблогерлар, журналистлар, барча-барчадан мана шундай ҳолатларда ўз муносабатларини билдиришларини, қонунбузарларни фош этишда фаоллик кўрсатишларини истаган бўлардик. Зеро, йўл барчамизники. Унинг хавфсизлиги, равон ва текис бўлиши ҳам ўзимизга боғлиқдир.

Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари
МАТБУОТ ХИЗМАТИ