
Жорий йилнинг 22 август куни ижтимоий тармоқларда А-380 “Ғузор – Бухора – Нукус –Бейнеу” автомобиль йўлининг 68 км даги таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилганлиги ҳақида видео мурожаати https://t.me/nuritdinovblog телеграм каналида эълон қилинган.
Ушбу видео мурожаат юзасидан Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси шуни маълум қилади.
А-380 “Ғузор – Бухора – Нукус –Бейнеу” автомобиль йўлининг Қашқадарё вилояти ҳудудидан ўтган қисми 150 км ни ташкил қилиб (0-150км), Қарши йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси хизмат кўрсатади. Автомобиль йўлининг 0-47 км қисмига корхонанинг 203- йўл бўлими, 47-60 км қисмига 185- йўл бўлими, 60-98 км қисмига 175- йўл бўлими ва 98-150 км қисмларига 172-йўл бўлими узлуксиз хавфсиз ҳаракатни ташкиллаштиради ва йўлдаги мавжуд кичик носозликларни бартараф қилиш бўйича эртаю-кеч тинмай меҳнат қилади, шунинг учун бюджетдан тасдиқланган смета доирасида ойлик маош ва лозим топилса мукофот пуллари олади.
Видео мурожаатда блогеримиз йўлнинг 68 км қисмида йўл қопламасидаги мавжуд чуқурчалар асфальтобетон қоришмаси билан сифатсиз таъмирлаганлигини танқид остига олганлар. Ўрганишлар шу куни, ишлаб турган ўзиюрар 8 тонналик шиббаловчи каток бузилиб қолганлигини ва таъмирлаш учун базага қайтарилганлигини тасдиқлади. Бундай ҳолатлар иш жараёнида бўлиши табиий ҳолат ҳисобланиб, Йўл бўлими бошлиғи заруриятдан келиб чиқиб асфальтобетон қоришмасини 750 кг оғирликдаги маторли кичик каток ёрдамида шиббалаш ишларини амалга оширган. Таъмирлаш ишлари олиб борилган йўл қисми, транспорт воситаларининг қайрилиб олиш жойига тўғри келиб қолганлиги сабабли оғир юк кўтарувчи транспорт воситалари қайрилиб олиши натижасида бузилишлар содир бўлган.
Ҳолат, Қарши йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси томонидан бартараф этилганлигини маълум қиламиз.
Қашқадарё вилоят Aвтомобиль йўллари бош бошқармаси МАТБУОТ ХИЗМАТИ