РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Жорий йилнинг 15 август куни ижтимоий тармоқларда “Боши қотган Косонликлар нега Сардор Умрзоқовга мурожаат йўллашди” сарлавҳаси остида тарқалган видео мурожаат юзасидан Қашқадарё вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади:

Мурожаатда кўрсатилган 4800,0 кв метр ер майдони ва қурилиши тугалланмаган бино Косон туман Юксалиш МФЙда жойлашган бўлиб Косон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси хизмат кўрсатадиган 46 км узунликдаги 4Р95 “А-380 а/йўлидан Пўлати-Гувалак-Раимсўфи” автомобиль йўлига, 17 км узунликдаги 4К317 “Шербек–Бўлмас–Оқтепа” автомобиль йўлига, 11 км узунликдаги 4К315 “Некуз-Гувалак” автомобиль йўли ва 17 км узунликдаги 4К314 “Гувалак- Пистали-Пахтаобод” автомобиль йўлига ёки жами 91 км узунликдаги умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларига доимий узлуксиз хизматни ташкиллаштириш мақсадида 176 Йўл Бўлими базаси деб шакллантирилган. Қашқадарё вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармасининг 2019 йил13 ноябрь кунидаги 88- и/ч буйруғига асосан доимий фойдаланувдаги мобиль базалардан фақат белгиланган мақсадларда фойдаланиш, уни гаровга қўймаслик, шу жумладан субижара шартномаларига бермаслик ва бошқача тарзда учинчи шахслар томонидан фойдаланишга йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилган.

Мажбурий ижро бюроси ходими С.Р.Азимов мазкур бинони Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид равишда “Электорон-онлайн аукционга” чиқариб юборган. Бу ҳолат фуқаролик суди жараёнида исботини топган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат мулки объектларини сотиш тартиб-тамойилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 16 июндаги ПҚ-3067-сон Қарорининг биринчи иловасида хусусийлаштирилмайдиган, стратегик давлат мулки объектларининг рўйхатида Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг давлат корхоналари ҳам кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб тамойилларини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги
2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3149-сон Қарорига зид равишда “Электрон онлайн Аукцион” мазкур бинони сотиб юборган яъни, ушбу қарорда айнан мол-мулк сотувга қуйилган вақтда тарафлардан сотилиши мумкин эмаслиги, ушбу бино давлат мулки эканлиги тўғрисида Косон МИБга ва “Электрон онлайн савдосига” 2020 йил 18 август куни 236-сонли хат билан мурожаат этилган ушбу хатни МИБ Косон туман бўлими котибаси С.Зарипова имзо қуйиб, қабул қилиб олган. Ушбу хат тушиши билан Аукцион ҳаракатлари тўхтатилиши керак бўлсада Йўл бўлими базаси қурилиши тугалланмаган база сифатида аукционга қўйиб фуқаро М.Олтибоевга сотиб юборилган. Ушбу Йўл бўлими базаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг мулки ҳисобланиб уни сотиш ёки тасарруфдан чиқариш фақат муассиснинг ваколатидадир. База Косон туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига фақат оператив бошқариш ҳуқуқи билан берилган, холос.

Ижтимоий тармоқларда “Боши қотган Косонликлар нега Сардор Умрзоқов”га мурожаат қилган сарлавҳа остидаги уч нафар фуқароларнинг биронтаси ҳам низоли мулкни “Электрон онлайин аукционда” сотиш ва сотиб олиш юзасидан ҳеч қандай алоқаси йуқ. Бу уч нафар фуқаролар орасида мулкни сотиб олган фуқаро М.Олтибоев мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2-1804-2101/1368-сон иши юзасидан 2022 йил 29 июль кунидаги ажримига асосан Қашқадарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ажримини узгартиришсиз қолдирилганлигини маълум қиламиз.

Қашқадарё вилояти Автомобиль
йўллари бош бошқармаси
Ахборот хизмати