Ҳудудларда йўллар сифати яхшиланмоқда

Олис ҳудудлардаги айрим ички йўлларнинг носозлиги-ю, ёмғирли кунларда ўша йўллар сабаб эл бошига тушадиган ташвишлар ҳеч кимга сир эмас.

Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълумотларига кўра, республика бўйлаб йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, янги йўлларни барпо этиш, параллель кўчаларни ташкил этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида республика бюджети маблағлари ҳисобидан жорий йилда 202,6 км ички хўжалик йўллари таъмирланган бўлиб, шундан 200,6 км ички хўжалик йўлларига қум-шағал аралашмаси ётқизилди. “Олтинбошоқ” МФЙ ҳамда “Мангу юрт” МФЙнинг Мовароуннаҳр, Оби назр, Қўштегирмон ва Меҳрож кўчаларида бетон қопламали йўл қурилди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган ташаббусларни молиялаштириш бўйича 10 км ички хўжалик йўллари асфальт-бетон қоплама билан таъмирланди.

Қайд этиш лозимки, тегишли қонунчиликка кўра, 2022 — 2024 йилларда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тизимларини жадал ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича ҳам қатор вазифалар белгилаб қўйилган.

Йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида халқаро аҳамиятдаги А378 “Самарқанд-Ғузор” автомобиль йўлининг 83—85- км қисмини жорий таъмирлаш ва маҳаллий йўл қуриш, давлат аҳамиятдаги 4Р84 “Яккабоғ-Чироқчи-Шўрбозор” автомобиль йўлининг 11 км қисмини яъни, 67—78- км оралиғини қайта қуриш, 4Р95 “А380 автойўли-Пўлоти-Шўрбозор” автомобиль йўлининг 10 км қисмини мукаммал таъмирлаш, маҳаллий аҳамиятдаги 4Н323 “Кўкдала-Гардон-Мозорли” автомобиль йўлининг 16 км қисмини жорий таъмирлаш, 4К330 “Кўкдала-Айритом темир йўл станцияси” автомобиль йўлининг 20 км қисмини жорий таъмирлаш, 4К293 “Қозоқ-Манкир-Аннаруз” автомобиль йўлининг 2 км қисмида қайта қуриш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

“Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида давлат аҳамиятидаги 4Р84 “Яккабоғ-Чироқчи-Шўрбозор” автомобиль йўлининг 67—78-км қисмларидаги Чиял қишлоғини Кўкдала маркази билан боғловчи 11 километр узунликдаги йўлни тўлиқ таъмирлаш ишлари бошланди.

Шунингдек, йўллардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасидаги ислоҳотлар Фарғона вилоятида ҳам амалга оширилмоқда. Мутахассисга кўра, мазкур вилоятда жами 19 941,5 км автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан умумий фойдаланишдаги йўллар 4 минг 22 кмни, ички хўжалик йўллари, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари 15 919,5 кмни ташкил этади.

Фарғонанинг Олтиариқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4р-112 “Фарғона халқаси” автомобиль йўли 2023 йил тўла таъмирлаш ишлари дастурига киритилган бўлиб, бугунги кунда йўлнинг 252-259 км қисмида белгиланган ишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўлларнинг 290,4 км қисми цемент-бетон қопламали, 10 639,6 км қисми асфальт-бетон қопламали, 531,7 км қисми қора қопламали, 7 475,4 км қисми шағал йўллар ҳамда 1007,5 км қисми тупроқ йўллар ҳисобланади.

Фарғона вилоятида автомобиль йўлларини ривожлантириш бўйича жорий йилда 2104,3 км узунликдаги автомобиль йўлларида 969,3 миллиард сўмлик реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 894,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш монтаж ишлари бажарилган. Жумладан, инвестиция дастури доирасида 36,5 км йўллар ҳамда 1 дона кўприкда 73,6 миллиард сўмлик, эркин иқтисодий зоналарга олиб борувчи ва ички йўлларда 11,3 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.

Маҳаллаларда биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар дастури 147,8 миллиард сўмлик, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 133,8 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Хусусан, сўнгги икки ой давомида 454,4 км автомобиль йўлларида 220,2 миллиард сўмлик ишлар бажарилган.

Йил якунига қадар йўл соҳасида 74,7 миллиард сўмлик ишлар, жумладан 105,3 км узунликдаги автомобиль йўлларини ҳамда 3 дона 86 пм узунликдаги кўприкларни таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш бўйича 63,1 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилади ҳамда 9 км автомобиль йўлини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Вилоятда йўл корхоналарининг моддий-техника базасини ривожлантириш мақсадида 9 та автосамосвал махсус техникалари олиб келинди. Йил якунига қадар яна 9 та махсус техникалар олиб келиниши режага киритилган. Шу тариқа икки йилда вилоятдаги 374 та маҳаллада йўл инфратузилмаси яхшиланишига эришилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА