Асосий қонун ҳуқуқий маданият негизи

Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари Бош бошқармаси ҳуқуқий тарғибот гуруҳи томонидан Қашқадарё минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати ДУКда корхона ходимлари ва тадбиркорлар иштирокида “Асосий қонун ҳуқуқий маданият негизи” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни Қашқадарё вилояти АЙББ Бош юрисконсульти Б.Мирзаев ва Қашқадарё МЙБХ ДУК бош юрисконсульти Ғ.Мардоновлар олиб боришди.

Конституциямизнинг яратилиш тарихи ва бугунги истиқболи ҳамда айни чоғда, мамлакатимизда нафақат Конституцияни ўрганиш, балки, умуман, ҳуқуқий билимлар сари сафарбарлик, яъни фуқароларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Конституция ҳар бир инсон, фуқаронинг,шу жумладан тадбиркорларнинг ҳам ҳуқуқий ҳолати, хулқ-атворини белгилаб беради. Уни билмай туриб, ҳуқуқий маданиятга эришиб бўлмайди. Шу маънода, Конституция ҳуқуқий маданият асоси, миллий қонунчилик негизи эканини, Конституцияга садоқат Ватанга ва ўз халқига садоқатни келтириб чиқаришини инобатга олиб, Асосий Қонунни ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани айниқса диққатга сазовор.

Шунингдек, ҳуқуқий маданият – бу ҳуқуқий саводхонликдир. Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси ҳисобланади. Бошқача айтганда, ҳуқуқий маданиятсиз ҳуқуқий давлат бўлмайди. Биринчи Президентимиз айтганларидек, “Ҳуқуқий маданиятнинг юқори даражада бўлиши ҳуқуқий давлатнинг ўзига хос хусусиятидир. Бозор иқтисодиётини шакллантириш шароитида ҳуқуқий маданиятни ошириш муҳим иш ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳуқуқий маданият савияси қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки ушбу қонунларнинг барча даражаларда ижро этилиши билан белгиланади. Ушбу муҳим ишда одамларда қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва улар орқали амал қилган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади”.

Тадбир сўнгида ходим ва тадбиркорлар бугунги кунда қабул қилинаётган янги қонунларнинг асосий мақсади, мазмун-моҳияти, унинг негизи ҳисобланмиш Конституцияга қанчалик мос ва ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ўсишига нечоғлик боғлиқ эканлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.