РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Ижтимоий тармоқларда “Йўлни таъмирланиши учун яна қанча йўловчи ёки ҳайдовчи вафот этиши керак?” хабари эълон қилинган.
Ушбу хабар юзасидан Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси шуни маълум қилади:
А380 “Ғузор ш. – Бухоро ш. – Нукус ш. –Бейнеу ш.” автомобиль йўлининг 150 км км (0-150 км) узунликдаги қисми Қашқадарё вилояти ҳудудида жойлашган бўлиб, вилоятимизни шунингдек Республикамизнинг жанубий ҳудудларини шимол билан боғловчи стратегик аҳамиятдаги халқаро транзит йўл ҳисобланиб, автомобиль йўлида маҳаллий автотранспорт воситаларидан ташқари хорижий давлат автотранспорт воситалари ҳам узлуксиз ҳаркатланади. Охирги йилларда Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан йўлни халқаро стандарт талабларига мослаб реконструкция қилиш бўйича босқичма-босқич тизимли ишлар олиб борилаётган бўлсада (Маълумот учун, йўлнинг 130-150 км ва 0-15 км қисмларида Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш,қайта қуриш дирекцияси буюртмачилигида реконструкция ишлари олиб борилаётган бўлиб йил якунига қадар 15 км қисми фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари йўлнинг Қарши шаҳар ҳудудидан ўтган 49-60 км ва Косон туман марказидан ўтган 85- 89 км қисмларида жорий таъмирлаш маблағлари ҳисобидан йўл қопламасини таъмирлаш, пиёдалар йўлаклари қуриш, йўлни ёритиш каби ишлар амалга оширилди) мазкур йўлнинг Косон ва Муборак туманларини боғловчи 98-125 км қисмлари ўта таъмирталаблигича қолмоқда. Ушбу йўл бўлагидаги тўла таъмирлаш ишлари охирги марта 1975-1980 йилларда олиб борилган. Ҳозирда автомобиль йўлидаги суткалик ҳаракат жадаллиги 10,0-12,0 минг автотранспорт воситасини ташкил қилмоқда.
Қашқадарё вилоятида умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 3487 километрни ташкил қилиб, шундан 60 фоиз мавжуд қопламаларимиз таъмирлараро муддатини бир неча бор ўтаган, устига устак ўқига тушадиган юк оғирлиги 13,5 тн ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида мунтазам ҳаракатланиши оқибатида йўл қопламаларининг тез бузилиши ва кўплаб носозликлар вужудга келиши кузатилмоқда. Носозликлар ва тўлқинсимон бузилишларни тўғрилаш бўйича доимий ишлар олиб борилмоқда.
Юқоридаги ҳолатларни эътиборга олиб, Вилоят ИИБ ЙҲҲБ бошқармаси билан ҳамкорликда 2021 йилда ва жорий йилнинг 1-ярим йиллигида содир бўлган Йўл транспорт ҳодисалари таҳлилий ўрганилиб, хавфли йўл бўлакларини аниқлаб белгилаб олинди.

Хавфли жойларда огохлантирувчи йўл белигилари кўйилганлигини ва ҳайдовчилардан йўл ҳаракати қоидаларига ҳамиша қатъий риоя қилиш шартлиги ҳамда бу қоидалар ҳаётимиз ва хавфсизлигимиз кафолати эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз кераклигини ҳайдовчилардан сўраб қоламиз.
Эслатма ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ72-сонли қарорининг 9-иловасида А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг 5-43 км ва 68-130 км қисмларини Халқаро Молия институтлари маблағи ҳисобидан реконструкция қилиш учун 2023-2026 йилларда 122,4 млн доллар маблағ ажратилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда йўлни реконструкция қилиш ишларига Техник иқтисодий асосолар ишлаб чиқилмоқда.

Қашқадарё вилояти Автомобиль
йўллари бош бошқармаси Ахборот хизмати