Янги технология асосида йўл чизиқлари чизилмоқда

Қарши шаҳридаги марказий кўчаларга кенг кўламли асфальт ётқизиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Айни пайтда асфальт ётқизиб бўлинган йўлларга ётиқ йўл чизиқлари чизилмоқда ва бунда инновацион технологиялардан фойдаланилмоқда.

Хусусан, “Ўзавтойўлбелги” ДУК билан ҳамкорликда Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасининг 0- 8 километр қисмида, яъни Қарши темир йўл вокзалидан Қашқадарё соҳилига қадар бўлган масофада замонавий хориж тажрибасига биноан автомобиль йўлидаги қатновни янада қулайлаштиришга ёрдам берувчи совуқ босимли пластик асосга эга йўл ётиқ чизиқлари чизилмоқда.  

Аҳамиятли томони шундаки, оддий йўл ётиқ чизиқлари 6 ой, совуқ босимли пластик йўл ётиқ чизиқлари эса 2 йил муддат давомида ҳаракат хавфсизлигини таъминланишга хизмат қилади. Бу эса самарадорлик 4 карра юқорилигига ишора. Шу билан бирга, тунги ҳаракатланиш чоғида янги йўл ётиқ чизиқларининг ўзидан нур қайтара олиш ва товуш чиқариш хусусиятига эгалиги ҳам хавфсиз йўл тамойилларига тўлақонли мос келади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири