
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 24-25 октябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси бўйича Қарши шаҳридаги марказий автомобиль йўлларини таъмирлаш ишларига 105 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Шунга асосан, Қарши шаҳридаги Ислом Каримов, Мустақиллик, Амир Темур, Насаф, Алишер Навоий ва Хонобод кўчаларини кенг миқёсли асфальтлаштириш, ички йўлларини қуриш ишлари олиб борилмоқда..
Маълумотларга кўра, пудратчилар томонидан замонавий техникалар ёрдамида 13,3 километр янги турдаги цементли бетондан ажратувчи тўсиқ (бордюр)лар қуриш ишлари ҳамда 9,2 километр узунликда майда доначали А-турдаги иссиқ асфальтли бетондан қоплама қуриш ишлари бажарилган.
Қарши шаҳридаги марказий кўчаларни таъмирлаш объектларида 35,6 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилган бўлиб, 24,7 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган. Ҳозирги кунда объектларда жорий таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулайликлар яратиш ва пиёдалар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида асфальтлаштириш ишлари якунланган йўлнинг пиёдалар ўтиш жойларидаги йўл ётиқ чизиқлари янгидан чизилмоқда.
Бу каби бунёдкорлик ишлари натижасида вилоят маркази ҳисобланган Қарши шаҳри янада гўзал ва чиройли шаҳарга айланади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири