
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, айрим автомобиль йўлларини қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари йилдан-йилга чўзилиб кетмоқда ва ҳамон якунига етказилмаган. Шунга кўра, йўл хўжалигини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш ва рақамлаштириш, соҳада сифат назоратини кучайтириш талаб этилади.
Жорий йил 10 октябрдаги давлатимиз раҳбарининг “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида автомобиль йўлларини бошқариш ҳамда республикада иқтисодиёт ва аҳоли эҳтиёжларига мувофиқ йўл тармоғи ҳолатини сифат жиҳатидан ўзгартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Қайд этилишича, бундан буён умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларини ҳамда сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларининг лойиҳа ва лойиҳа олди ҳужжатлари ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Эндиликда йўлларни лойиҳалаштиришда комплекс ёндашув бўлади. Яъни, қаерда тўхташ жойи бўлади, қаерда дарахт экилади, ёқилғи қуйиш шохобчаси, техник ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қаерда жойлашади, деган саволларга лойиҳанинг ўзида тўлиқ жавоб бўлади ва шундан кейингина лойиҳа қабул қилинади.
Қонунчиликка кўра, йўл ишларига ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, йўл-қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилиб олишда ҳажм ва сифат кўрсаткичларини назарда тутадиган тизим (ҳажм усули) жорий этилади. Бугунги кунгача лойиҳаларнинг техник топшириғи “ресурс” усулига асосланган бўлиб, бунда 1 километр йўл қуриш учун қанча ишчи кераклиги, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилиши, техниканинг тури қанақа бўлиши бўйича шартлар киритилар эди. Эндиликда, йўлнинг ўзига талаб белгиланиши ҳамда уни сифатли қабул қилиниши йўлга қўйилади. Пудрат ташкилоти йўлни қандай техника билан қуришини ўзи ҳал қилади.
Қурилаётган автомобиль йўллари сифатини таъминлаш мақсадида йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланган объектларнинг асосий конструктив элементлари бўйича камида уч йиллик кафолатли хизмат қилиш муддати жорий қилинади.
2025 йил 1 январдан бошлаб янгидан бошланадиган объектларда йўл-қурилиш ишлари бўйича лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари аутсорсинг шартлари асосида Халқаро муҳандислар-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ мустақил ташкилотлар, шу жумладан хусусий сектор томонидан амалга оширилади. Янгидан бошланадиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, кўприклар ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш объектларини молиялаштириш асосан халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Бунинг учун, 2024 йилдан бошлаб ҳар йили халқаро молия институтларидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, кўприклар ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш объектларига 300 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда кредитлар жалб қилиб борилади.
Соҳага хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилиш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 кмгача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий сектор жалб қилинади. Осиё инфратузилма инвестициялари банкидан жалб қилинадиган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида “лойиҳалаш – қуриш – эксплуатация қилиш” услубини жорий қилган ҳолда лойиҳалар амалга оширилади. Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун бюджет маблағлари фақат “Менинг йўлим” дастури орқали ажратиб борилади.
Энди қаерда ички йўл қуриш, қаердаги йўлларни таъмирлашни фуқароларнинг ўзи ҳал қилади. Лойиҳаларни танлаб олишда ва сифатни таъминлашда очиқлик таъминланиб, тўлиқ жамоатчилик назорати ўрнатилади. Соҳани рақамлаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилади, жумладан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳолатини баҳолаш ва мониторинг қилиш рақамли технологиялар орқали самарали ташкил этилади, автомобиль йўлларида рақамли (онлайн режимда) бошқариладиган инновацион йўл белгилари, паннолар ва кўрсаткичлар жорий қилинади.
Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонидан ўтган 100 км қисмида интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ишлари бошланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА