
Қарши шаҳар аҳолини иш билан таъминлаш ва бандликка кўмаклашиш марказига қарашли Мономарказда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан навбатдаги ўқув-семинари ўтказилди. Хусусан, семинарда Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ва Қашқадарё ЙМФУК ходимлари иштирок этишди.

Ҳозирги вақтда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан асосий мақсад инсон манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва инсон қадрини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат. Шу сабабли охирги вақтларда бу борада кўплаб қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинмоқда.Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ва фаровонлигини оширишда фуқароларга муносиб иш ўринлари яратиш ва меҳнатига яраша ҳақ тўлаш муҳим ўрин тутади.

Ҳозирги вақтда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда давлат органлари, муассасалари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларни ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларни мавқеини белгилаш мақсадида узоқ вақтдан буён кўтилаётган Қонунни қабул қилиш зарурияти туғилди ва ниҳоят жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилинди. Ушбу қонун 10 та боб, 64 та моддадан иборат бўлиб, Қонунинг мақсади давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Давлат фуқаролик хизматчиларнинг ушбу Қонун билан тартибга солинмаган меҳнатга оид муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси билан тартибга солинади. Қонуннинг амал қилиши Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади. Давлат фуқаролик хизмати-давлат хизматининг бир тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолиятини ифодалайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади. Давлат фуқаролик хизмати лавозимида ўз фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизматчиси ҳисобланиб, Ўзбекситон Республикаси фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчининг ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва давлат фуқаролик хизматчиснинг фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади.
Бундан ташқари, ушбу қонунда фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар назарда тутилган. Мисол учун давлат хизматчиси педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга хусусан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мазкур қонун билан таъқиқланган.

Қонуннинг энг эътиборли жиҳатларидан бири эндиликда давлат фуқаролик хизматчиси меҳнат фаолияти баҳоланиб, иш фаолияти давомида самарадорликка эришган ходимлар рағбатлантириб борилади. Яъни ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш янги тартиб асосида амалга оширилиб, ходимнинг базавий лавозим маошига қонунчиликда белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча тўловлар ва устамалар тўланиши назарда тутилган. Шунингдек ушбу Қонунда корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларга мартаба даражалари берилиши бу эса ўз навбатида келгусида ходимларнинг ойлик маошларини ошишига олиб келади.Умуман ушбу Қонуннинг қабул қилинишидан мақсад ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларни меҳнатига яраша ҳақ тўланишини таъминлашдир. Ходимларни муносиб дам олишларини таъминлаш, келгусида уларни соғликларини мустаҳкамлаш мақсадида мазкур қонунда давлат фуқаролик хизматчисига давомийлиги йигирма етти календарь кунидан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилиши назарда тутилган. Ҳозирги вақтда амалда бўлган Меҳнат кодексида эса ходимларнинг йиллик асосий таътил ун беш кундан кам бўлмаслиги қайд этилган. Шунингдек, ушбу қонунда давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкини ҳимоя қилиниши, ходимларнинг одоб-аҳлоқ қоидалари ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш назарда тутилган. Умуман олганда, ушбу қонунни қабул қилишдан олдин ривожланган хорижий давлатларнинг бу борадаги фаолияти атрофлича, чуқур ва ҳар томонлама ўрганилган ҳамда уларнинг илғор тажрибасидан самарали фойдаланилган. Мазкур Қонун давлатимиз раҳабари томонидан жорий йилнинг 8 август куни имзоланган бўлиб, 3 ой ўтгандан сўнг кучга киради. Бундан ташқари, ушбу Қонунни қўллаш ва ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида тегишли вазирлик ва қўмиталарнинг қонуности меъёрий ҳужжатлари қабул қилинади. Ҳалқимиз томонидан қабул қилинаётган қонунларимизни мазмун ва моҳиятини билиши келгусида қонун талабларини тўлиқ ижро этилишида муҳим аҳамият касб этади. Хуқуқий демократик давлатда фуқароларнинг қонунга онгли равишдаги итоаткорлиги ва қонун устиворлиги таъминланиши зарур. Шу сабабли вилоятимизда мавжуд бўлган барча меҳнат жамолари ходимлари ўртасида қайд этилган Қонуннинг мазмун ва моҳиятини тушунтиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Бўлиб ўтган семинар давомида ушбу қонун талаблари атрофлича тушунтирилди ва ходимлар маълум кўникмага эга бўлишди. Шунингдек, ушбу қонун ва бошқа қабул қилинган қонун талабларини чуқур ўрганиш ҳозирги вақтда долзарблигини ҳисобга олган ҳолда корхонамиз ходимлари ўртасида ҳам тарғибот тадбирлари ўтказилиши белгиланди. Бу эса ўз навбатида келгусида корхонамиз ходимларини ҳуқуқий билим савиялари ва касб маҳоратларини оширишда ўзининг ижобий самарасини беради.
Семинар давомида ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.